Шоир Абдували Қутбиддин оламдан ўтди

Абдували Қутбиддин (Kun.uz фотоси).

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, истеъдодли шоир Абдували Қутбиддин (Қутбиддинов) 8 декабрь куни 59 ёшида Тошкентда вафот этди.

Кун.уз нашри маълумотларига кўра, шоир бетоблиги сабаб, икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида шифохонада бўлган.

1960 йил 20 июнида Қаршида таваллуд топган Абдували Қутбиддин Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини (1983 й.) тамомлаган.

Ўз фаолиятини Самарқанд вилоятининг “Зарафшон” газетасида бошлаган шоир кейинчалик Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ёзувчи” нашриётида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ҳамда “Халқ сўзи” газетасида хизмат қилган.

Абдували Қутбиддиннинг “Найсон” (1988), “Ҳумо” (1989), “Бахтли йил” (1991), “Хаёл кечаси” (1994), “Сен ва сен учун” (1996), “Узоқдан олисга” (2007) каби китоблари нашр этилган.