Ўзбекистонда хорижликларни мажбурий қайдга олиш бекор қилиниши мумкин

Тошкент халқаро аэропортидаги терминал.

Ўзбекистонда мамлакатга кириб келаётган хорижликлар учун қайдни бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Янги тартиб 2020 йил 1 июлидан жорий этилиши мумкин.

Бунга оид “Туризм соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ва муҳокама учун regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган.

Янги тартибга кўра, Ўзбекистонда 30 кундан кўп бўлмайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни виза (визасиз) режим муддатида қайддан ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Лойиҳада 2020 йил 1 январидан гидлар ва экскурсиячилар ўз-ўзини иш билан таъминловчи фуқароларга бериладиган вақтинча меҳнат гувоҳномаларини олишлари мумкинлиги кўзда тутилган.

Сайёҳларга қулайлик яратиш учун халқаро аэропортлар ёнида туристик инфратузилмага эга ҳудудлар барпо этилади. Халқаро аэропортларга ёнларидан камида беш гектардан ер берилади. Бу ҳудудга улар 2020 йил охиригача автотураргоҳлар, кафе, ресторанлар, минибанклар, меҳмонхоналар ва бошқа зарур иншоотлар қуришлари лозим.

Лойиҳа 24 декабрга қадар муҳокама қилинади.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда хорижликларни миграция идораларида мажбурий қайдга олиш тартибини бекор қилиш таклифи билан чиққанди. Тоқаев ҳукуматга сайёҳларни рўйхатга олишни 2020 йил 1 январигача бекор қилиш юзасидан топшириқ берган.