Президент Мирзиёев 17 декабрь куни Японияга боради

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 декабрда Японияга расмий ташриф билан боради. 20 декабргача давом этадиган ташриф Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф доирасида Япония Бош вазири Синдзо Абэ, Парламентнинг Маслаҳатчилар палатаси президенти Акико Санто, Парламентнинг Вакиллар палатаси спикери Тадамори Осима, Бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан музокаралар бўлиб ўтади.

Томонлар Ўзбекистон-Япония муносабатларини, шу жумладан, истиқболда ривожлантиришнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини муҳокама қиладилар, халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Япония Императори Нарухито томонидан қабул қилинади.

Ташриф дастуридан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаока, етакчи саноат ва молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўрин олган.

“Музокаралар натижаси бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, божхона, туризм, илмий-техник ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда”, дейилади расмий хабарда.