Шайх Абдулазиз Мансур Янги йилни байрам сифатида нишонлашга доир ўз фикрини билдирди

Шайх Абдулазиз Мансур

Мусулмонлар томонидан 1 январь кунини милодий сананинг янгиланиши сифатида Исо алайҳиссаломнинг таваллуд куни ёки бошқа эътиқодларга боғламаган ҳолда нишонланишининг шаръан зарари йўқ.

Бу фикрни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ЎзА ахборот агентлиги 16 декабрда эълон қилган видеомаъвизаси давомида билдирди.

"Ўзбекистон мусулмонлари ҳам 1 январь арафасида бир-бирини табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этади. Бугунги дунёда яшаётган миллионлаб мусулмонларга ҳам бу одат бўлиб қолган. Ана шундай бир шароитда милодий Янги йилни нишонласа, христианларга ўхшаб қолади, деб шунча мусулмонни кофирга чиқариш мантиққа тўғри келадими?! Бундай қатъий ҳукм чиқаришдан аввал ислом ақидасини яхшироқ ўрганиш лозим. Мусулмонларни кофирга чиқариш учун уларнинг ҳақиқий эътиқодини аниқлаб, кейин ҳукм чиқариш керак", деди шайх Абдулазиз Мансур.

Олим кейинги йилларда Интернет саҳифалари, турли портал ва ижтимоий тармоқларда милодий Янги йил кунини байрамона кутиб олиш, ушбу муносабат билан бир-бирини табриклаб, эзгу тилаклар билдириш каби одатлар ислом дини таълимотига зид ва куфр деган иддаоларни тарқатиш авж олиб бораётганини эътироф этиб, "бу каби низоли масалага бақадри имкон ойдинлик киритиш ва унга холисона ёндашиб, ўз фикрини баён қилишга қарор қилганини" билдирган.