Ҳафта сўнгида очиладиган “Амирсой” курортига 80 миллион евро сарфланган

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилган “Амирсой” тоғ-чанғи курорти 21 декабрь куни очилади. Бу ҳақда “Amirsoy” МЧЖ қўшма корхонаси бош директори ўринбосари Валерий Ким 17 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда PGI management ширкати (Андорра) директори Томас Тор-Йенсен ҳам иштирок этган анжуманда курорт 892 гектар майдонда жойлашгани, 580 ўринга мўлжаллангани ҳамда бу ерда 300 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилгани айтилди.

Лойиҳа Андорранинг PGI management ширкати томонидан амалга оширилган бўлиб, унга 80 миллион евродан кўпроқ маблағ сарфланган.

Бу ерда умумий узунлиги 15 километрни ташкил қилувчи 8 та тоғ-чанғи трассаси барпо этилган. Трассалардан энг узуни 3350 метрга тенг.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов “Амирсой”нинг Марказий Осиёдаги “етакчи ва энг яхши” тоғ-чанғи оромгоҳи бўлишини иддао қилган.