Бишкекда коррупцияга қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрининг бош майдонида расмийлардан коррупцияга қарши кураш бўйича амалий чоралар кўриш ва оммавий ахборот воситаларига босимни тўхтатиш талаби билан тинч намойиш бўлиб ўтди.

Акция ташкилотчилари божхонадаги коррупцияга оид журналистик суриштирувга муносабат билдирмагани учун бош прокурор Ўткурбек Жамшитовни истеъфога чиқариш талаби билан мамлакат президенти номига имзо тўплаганлар.

Акция иштирокчилари коррупцияга қарши кураш бўйича амалий чоралар кўришни ҳамда сўз эркинлигига нисбатан босим тўхтатилишини талаб қилаётганларини маълум қилганлар. Улар қўлларида ўз талаблари ёзилган транспарантларни кўтариб олганлар.

#Reакция номини олган илк акция 25 ноябрь куни бўлиб ўтганди. Фаоллар ўшанда расмийлар олдига 5 та талаб қўйгандилар. Талаблар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларини истеъфога чиқариш ҳамда божхонадаги коррупция схемаларига алоқадор шахсларнинг барчасини жавобгарликка тортиш кабилар бор эди.