Президент Японияда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Нагоя университетиlа таълим олаётган ва фан билан шуғулланаётган ватандошлар билан учрашди. 2019, 18 декабрь.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нагоя университетига ташрифидан сўнг Нагоя шаҳрида яшаб, таълим олаётган ва фан билан шуғулланаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Нагоя университети — дунёдаги энг оммабоп илмий ва таълимий муассаса бўлиб, қитъадаги энг яхши ўнта ОТМ рўйхатидан ўрин олган. Университетда 16 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 2600 нафари чет эллик, 30 нафари — ўзбекистонлик талабалардир.

Жорий йилда ушбу ОТМда Ўзбекистондан 400 нафардан зиёд талаба ва тадқиқотчилар таҳсил олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан 17 декабрь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетган эди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайти Япония – улкан иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга илғор давлат эканлигини, иқтисодиёти ҳажми бўйича дунёда учинчи ўринда туришини, “Катта еттилик” давлатлари қаторига кириши ва халқаро майдонда муҳим роль ўйнашини эслатиб ўтган.

Расмий хабарга кўра, Ўзбекистон президенти дастлаб мамлакатнинг йирик саноат ва илм-фан маркази – Нагоя шаҳрида бўлади, Токио шаҳрида Япония Императори, Бош вазири, парламент раҳбарлари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказилади.