25 декабрь, соат 12:40 ларда А-373 “Тошкент – Ўш” автомобиль йўлининг 247 км.да (Наманган вилоят, Поп туман ҳудуди, Қамчиқ довони) Тошкентдан Фарғона водийсига кетаётган Cobalt, Spark ҳамда Lacetti автомашиналари ҳайдовчилари бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги хандаққа тушиб кетди.
Бу ҳақда хабар қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, воқеа жойига вазирлик қутқарувчилари етиб бориб, ёрдам кўрсатган.
Қутқарувчилар ҳайдовчилар ва йўловчиларига психологик ёрдам кўрсатган, автомашиналар хандақдан чиқарилган ва автоэвакуатор ёрдамида жарима майдончасига олиб кетилган.
- “Ўзгидромет” марказининг қор кўчкиси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги бюллетенига асосан, “Тошкент-Ўш” автомобиль йўли “Қамчиқ” довони жорий йилнинг 22 декабрь куни соат 11:40 дан автотранспорт воситаларининг икки томонлама ҳаракати учун очилган эди.
- Довон 21 декабрь куни соат 08:00 да қор кўчкиси ҳавфи бўлганлиги сабабли автотранспорт воситаларининг ҳаракати тўхтатилган эди.