Ўн йиллик сарҳисоби: "Худо зарраси"нинг кашф қилиниши, килограммни ўзгартирган Планк

Сўнгги 10 йил ичида ўнлаб қадимий жонзотлар қолдиқлари топилди.

Якунланаётган ўн йилликда илм-фанда эришилган улкан ютуқлар сарҳисобини давом эттирамиз. Сарҳисобнинг дастлабки ўнлигини 30 декабрь куни сайтимизга жойлаштирилган ушбу мақоланинг биринчи қисмида ўқишингиз мумкин.

2010-йилларда инсоният илм-фан соҳасида йирик ютуқларга эришди. Қатор кашфиёт ва янгиликлар туфайли инсон танаси, сайёрамиз ҳамда фазо ҳақида янада кўпроқ билиб олишга муяссар бўлдик.

Тугаётган ўнг йилликнинг энг муҳим илмий кашфиётлари тўлиқ рўйхатини тузиш осон эмас. Шундай бўлса-да, National Geographic журнали ходимлари 2010-йилларда эришилган энг муҳим илмий тадқиқотлар рўйхатини тузди.

Рўйхатга илмий ютуқлар индивидуал кашфиётлар ўлароқ эмас, балки кашфиётлар гуруҳлари ва йўналишлари шаклида киритилди. Қуйида ушбу рўйхатнинг қисқа мазмуни билан таниша оласиз.

11. Касалликларга қарши кураш

2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада Эбола вируси тарқалиши ортидан соғлиқни сақлаш расмийлари ҳамда Merck фармацевтика ширкати rVSV-ZEBOV вакцинасини ишлаб чиқди.

2019 йилда вакцинани Европа расмийлари маъқуллади. Шунингдек, ўн йиллик давомида ОИТСга қарши курашда ютуқларга эришилди.

2011 йилда ўтказилган синовлар олдиндан антиретровирусларни қабул қилиш гетеросексуал жуфтликлар орасида касаллик тарқалиши хавфини озайтиришини кўрсатди.

12. Репродукцион инқилоб

2016 йилда “уч ота-онадан” бола туғилгани эълон қилинди. Хусусан, бола отанинг спермаси, онанинг ҳужайраси ядроси ҳамда ядроси олинган учинчи донорнинг тухумидан пайдо бўлди. Бу йўл билан она митохондриясидаги нуқсонларга қарши курашиш таклиф қилинмоқда.

2018 йилда ген таҳрирлаш технологияси ёрдамида айни жинсли сичқонлар болалаши мумкинлигини кўрсатиб берилди.

Ниҳоят, 2018 йилда хитойлик олимлар клонлаштирилган икки макака туғилганини эълон қилди. Бундан аввал приматлар клонлаштирилмаган эди.

13. Ҳиггс бозони изидан

Жисм массасини қаердан олади? 1960–1970 йилларда бу саволга жавоб излаган британиялик Питер Ҳиггс, бельгиялик Франсуа Энглер модда қай тарзда массага эга бўлиши механизми ҳақидаги назарияни илгари сурди.

Ушбу механизм воситасида Ҳиггс бозони номини олган заррача борлиги башорат қилинди. “Худо зарраси” деб ҳам номланувчи заррачанинг мавжудлиги 2012 йили Швейцариядаги Европа ядро тадқиқотлар марказида (CERN) ўтказилган тажрибада ўз тасдиғини топди.

Бу билан физиканинг стандарт моделидаги яна бир савол ўз жавобини топди. Стандард модель ёрдамида тўрт фундаментал кучнинг учтаси ҳамда бизга маълум бўлган барча элементар зарралар хусусиятлари мукаммал таърифлаб берилган.

14. Палеонтология китобларини ўзгартирган кашфиётлар

Сўнгги 10 йил ичида ўнлаб қадимий жонзотлар қолдиқлари топилди. Улар ёрдамида динозаврлар ранги ва кўриниши ҳақида тасаввуримиз кенгайди.

Хусусан, 2010 йилда National Geographic Society ташкилоти илк маротаба динозаврнинг тўлиқ рангли реконструкциясини тақдим этди. 2014 йилда эса Spinosaurus йиртқич динозаври қисман сувда яшагани аниқлади. Бундан олдин динозаврлар орасида бунақа жонзот ҳақида бизга маълум эмас эди.

Ниҳоят, Мяньманинг 99 миллион ёшдаги каҳраболари ичида патли динозавр думи, примитив қуш боласи ҳамда турли-туман умуртқасиз жонзотлар қолдиқлари топилди.

15. Бошқа оламларда ҳаёт асосларини излаб

2010-йилларда бошқа оламларда бизга маълум бўлган ҳаёт учун муҳим ўрин тутувчи углерод молекулалари ҳақида кўпроқ билиб олдик.

Шунингдек, 2014–2017 йилларда тўпланган маълумотлар ёрдамида қадимда Ерга урилган жисмлар сайёрамизга олиб келган моддалар ҳақида кўпроқ билиб олдик.

2017 йилда NASAнинг Cassini станцияси Сатурн ойи Энцеладда органик молекулалар борлигини тасдиқлади. 2018 йилда эса NASAнинг Curiosity марсюрари қизил сайёрда органик бирикмаларни топди.

16. Иқлим ўзгариши ҳақида огоҳлик

2010-йилларда атмосферага улоқтирилаётган карбонат ангидрид (углерод диоксиди) гази кўлами рекорд даражаларга етди. Шу сабаб 10 йиллик давомида олимлар Ернинг ўзгараётган иқлимига эътибор қаратиш учун қатор жиддий ва мукаммал тадқиқот натижаларини эълон қилди. Натижада жаҳон бўйлаб иқлим ўзгаришига қарши чора кўриш талаби билан рекорд акциялар бўлиб ўтди.

17. Янги аниқланган ва йўқ бўлиб бораётган биологик турлар

Биологлар йилига рекорд 18 минг янги турни аниқламоқда. Сўнгги йилларда қўли бор балиқдан тортиб, тангадан кичик бақа турларигача аниқланди. Бир вақтнинг ўзида турлар тобора тез суратда йўқолиб бораётгани кузатилмоқда. 2019 йилда олимлар ўсимлик ва жониворларнинг тўртдан бири йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

18. Фазо парвози даврининг бошланиши

2011 йилда Хитой ўзининг илк фазо лабораториясини йўлга қўйди. 2014 йилда Ҳиндистон Марсга станция юборди. АҚШда Space Shuttle дастури тугатилиши ортидан пайдо бўлган бўшлиқни хусусий ширкатлар эгаллади. Хусусан, Blue Origin ҳамда SpaceX ширкатлари илк маротаба қайта ишлатиш мумкин бўлган ракеталардан муваффақиятли равишда фойдаланди.

19. Ҳайвонларнинг бизга маълум бўлмаган қирралари

Кейинги 10 йилликда жониворларнинг бизга маълум бўлмаган хислатлари ҳақида билиб олдик. 2015 йилда нурланувчи денгиз тошбақаси топилди. Бундан аввал биофлуоресценцияга эга рептилиялар ҳақида бизга маълум эмас эди. Шунингдек, 2017 йилда Гренландия акуласи 272 йил яшаши мумкинлиги аниқланди. Ниҳоят, кейинги йилларда ҳайвонлар асбоблардан фойдаланиши аниқланди.

20. Ўлчов бирликларига киритилган ўзгаришлар

2010-йилларда классик ўлчов бирликлари янада такомиллаштирилди. Платина ва иридий қоришмасидан тайёрланган цилиндр шаклидаги жисм 130 йил мобайнида дунё бўйлаб оғирлик эталони бўлиб келган эди.

Аммо 2018 йилда бошқа бир неча ўлчов билан бир қаторда килограмм таърифини ўзгартиришга келишиб олинди.

Натижада 2019 йилдан бошлаб килограмм бир дона жисм оғирлиги асосида эмас, балки Планк константаси асосида таърифланадиган бўлди.

Хусусан, Планк константаси ёруғлик частотасининг ўша частотанинг квант энергиясига бўлган нисбатидан олинади. Бундан ташқари, тугаётган 10 йилликда электр токи, ҳарорат ҳамда жисмдаги зарралар ўлчовлари ҳам ўзгарди.