Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ўн йиллик сарҳисоби: Одамнинг янги аждоди, ДНК ва экзосайёралар


2010-йилларда инсоният илм-фан соҳасида йирик ютуқларга эришди. Қатор кашфиёт ва янгиликлар туфайли инсон танаси, сайёрамиз ҳамда фазо ҳақида янада кўпроқ билиб олишга муяссар бўлдик.

Тугаётган ўнг йилликнинг энг муҳим илмий кашфиётлари тўлиқ рўйхатини тузиш осон эмас. Шундай бўлса-да, National Geographic журнали ходимлари 2010-йилларда эришилган энг муҳим илмий тадқиқотлар рўйхатини тузди.

Рўйхатга илмий ютуқлар индивидуал кашфиётлар ўлароқ эмас, балки кашфиётлар гуруҳлари ва йўналишлари шаклида киритилди. Қуйида ушбу рўйхатнинг қисқа мазмуни билан таниша оласиз.

1. Илк маротаба қайд этилган гравитация тўлқинлари

2015 йилда бир аср муқаддам Альберт Эйнштейн башорат қилган гравитацион тўлқинлар тўғридан-тўғри кузатилди. 2017 йилда эса Лазер-интерферометрик гравитацион-тўлқинли обсерватория (LIGO) ҳамда Virgo детектори илк маротаба икки нейтрон юлдуз тўқнашувини тўғридан-тўғри кузатишга муваффақ бўлди.

Ушбу икки ҳолат етарлича массага эга жисмлар тўқнашса, гравитация тўлқинларини яратиши ҳақидаги тахминни тасдиқлади.

2. Инсон келиб чиқишига доир кашфиётлар

Кейинги 10 йилликда янги топилган қазилмалар инсоният келиб чиқиши ҳақидаги тасаввуримиз янада тўлиқроқ бўлишига ва айрим ҳолатларда тубдан ўзгаришига сабаб бўлди. 2010 йилда Ли Бергер инсонларнинг Australopithecus sediba номи берилган аждодини аниқлади.

2015 йилда эса олим Жанубий Африкада Homo naledi одам тури қолдиқларини топди. Бу одамнинг кўриниши ҳам замонавий инсонларга, ҳам қадимги аждодларга ўхшашлиги аниқлади.

Шунингдек, 2010 йилда Сибирда, 2018 йил Хитойда, 2019 йилда Филиппинда топилган қолдиқлар инсоният келиб чиқиши тарихи ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлишимизга сабаб бўлди.

3. Қадимий ДНКларни ўрганишдаги ютуқлар

ДНК технологияларидаги ютуқлар қадимий ДНКлар таҳлили ва уларнинг ҳозирги одамларга таъсирини ўрганишимизда йирик ўзгаришларга сабаб бўлди. 2010 йилда илк маротаба қадимий одамнинг деярли тўлиқ геноми эълон қилинди.

Ўшандан бери 3000 га яқин қадимий одам геномлари тузиб чиқилди. Хусусан, ҳозирги Мексика ҳудудида 13 минг йил олдин яшаган қизалоқнинг ДНК геноми тузиб чиқилди.

4. Янги аниқланган минглаб экзосайёра

Экзосайёра ёки экзопланета деб Қуёш тизимидан ташқарида жойлашган ҳар қандай сайёрага айтилади. Илк экзосайёра 1995 йилда аниқланган. Сомон йўли галактикасининг ўзидаёқ миллиардлаб сайёра мавжудлиги тахмин этилади.

2009–2018 йилларда NASAинг Kepler фазо телескопининг ўзи 2700 дан ошиқ экзосайёрани аниқлади. Булар орасида энг муҳими – олимлар илк маротаба кузатган тош, яъни Еримиз каби қаттиқ экзосайёранинг аниқланишидир. Kepler телескопининг давомчиси TESS 2018 йилдан бери аллақачон 34 экзосайёрани аниқлашга улгурди.

5. CRISPR даврининг бошланиши

2010-йилларда ДНКни аниқ таҳрирлаш йўллари ишлаб чиқилди. Хусусан, Crispr-Cas9 тизимининг яратилиши ушбу соҳада йирик ютуқ бўлди.

Ҳозирда дунё бўйлаб олимлар ген таҳрирлаш технологиясини янада такомиллаштириш устида ишламоқда. Бу орада ДНКни таҳрирлаш ахлоққа тўғри келиш-келмаслиги қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

2018 йилда хитойлик олимлар ДНКси ўзгартирилган илк эгизаклар туғилганини эълон қилиши ортидан дунё бўйлаб одамлар генини таҳрир қилишга мораторий қўйиш чақириқлари янгради.

6. Астрономиядаги ютуқлар

2013 йилда Европа фазо агентлиги Gaia кемасини фазога учирди. Кема Сомон йўли галактикасидаги бир миллиарддан ошиқ юлдузлар ўртасидаги масофаларни ҳамда 150 миллиондан ошиқ юлдуз тезлигини ўлчамоқда. Унинг ёрдамида олинган маълумотлар ёрдамида олимлар галактикамизнинг уч ўлчамдаги (3D) фильмини тайёрлашди.

Шунингдек, 2019 йилда халқаро илмий гуруҳ инсоният тарихида биринчи марта Қора туйнук соясининг суратини эълон қилди. Олимларнинг айтишича, Event Horizon телескопи ёрдамида суратга олинган қора туйнук бизнинг оламдан ташқарида, ердан 50 миллион ёруғлик йили узоқлигидаги М87 галактикасида жойлашган.

7. Ибтидоий санъат

2010-йилларда қилинган кашфиётлар одамлар аждодлари расм чизишни биз ўйлагандан анча аввал бошлаганини кўрсатди. 2014 йилда Индонезиянинг Сулавеси оролида жойлашган ғорда камида 39 минг йил олдин чизилган расмлар топилди.

2018 йилда Борнео оролидаги ғорда 40-52 минг йиллик расмлар аниқланди. 2018 йилда Жанубий Африкада топилган тўр шаклидаги расм эса Ер юзидаги энг қадимий чизма бўлиши мумкин.

8. Юлдузлараро саёҳатнинг бошланиши

2010-йилларда илк маротаба инсонлар аппаратлари Қуёш таъсиридан узоқлашиб, юлдузлараро бўшлиққа чиқди. Хусусан, 2012 йилда NASAнинг Voyager 1 кемаси гелиосфера, яъни Қуёш зарралари етиб борадиган сфера ташқарисига чиқди.

2018 йилда эса Voyager 2 ҳам юлдузлараро бўшлиққа чиқди. Шунингдек, 2017 йилда илк маротаба бошқа юлдуз тизимида пайдо бўлган жисм бизнинг оламдан ўтгани кузатилди.

9. Қадимий цивилизацияларга етакловчи эшиклар

2010-йиллар йирик археологик кашфиётларга бой бўлди. Хусусан, 2013 йилда инглиз қироли Ричард III нинг қабри ниҳоят топилди. 2016 йилда археологлар Инжилда ҳикоя қилинган филистимликларнинг қабристонини топишди.

2018 йилда Гватемалада лазерлар ёрдамида 60 мингдан ошиқ қадимий Мая иншоотлари аниқланди. Ўн йиллик давомида, шунингдек, чўкиб кетган бир неча кема топилди.

Булар орасида охирги марта Африкадан қулларни АҚШга олиб борган Clotilda кемаси ҳамда Қора денгиз тубида топилган 2400 йиллик кемаларни алоҳида қайд этиш жоиз.

10. Қуёш тизимидаги ютуқлар

2015 йил NASAнинг New Horizons станцияси кўп йиллик саёҳатдан кейин Плутон сайёрасига етиб бориб, илк маротаба унинг юқори сифатли суратларини Ерга юборди.

Ўн йиллик якунига яқин эса NASAнинг OSIRIS-REx ҳамда Япон фазо агентлигининг Hayabusa2 станцияси олис астероидларга қўнди.

XS
SM
MD
LG