Наманганда террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинганларнинг уйларида тинтув ўтказилди

Террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинганларнинг телефонлари текширилгани хабар қилинди.

7 январда ички ишлар органлари бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда Наманган вилояти ҳудудида ўтказган тезкор-тергов тадбирлари тадбирлари давомида бир неча фуқаро "аниқланди".

Бу ҳақда хабар қилган daryo.uz вилоят ИИБ матбуот хизматига таяниб, "Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган террорчилик гуруҳлари эмиссарларининг таъсирига тушиб, қуролли тўқнашувлар давом этаётган чет мамлакатларга чиқиб кетишни режалаштирган бир неча фуқаро аниқлангани" ҳақида ёзди.

Хабар қилинишича, Янгиқўрғон туманидаги бир неча яшаш манзилларида тинтув ўтказилган ва фуқаролар тергов жараёнига жалб этилган, ушбу жараёнда мазкур шахслар уяли телефон хотирасида тақиқланган экстремистик материалларни сақлаб келаётганлиги ва уларни яширин тарзда тарқатаётганлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини хабар қилган сайт гап неча киши устида кетаётгани тўғрисида маълумот бермаган.