ССВ: 5- қаватдан тушиб кетган боланинг аҳволи барқарор

Врач 5- қаватдан қулаган болани кўрикдан ўтказмоқда. Сурат Соғлиқни сақлаш вазирлигиники.

14 январь соат 16:18 да Олмазор тумани Беруний даҳаси 3-блок 135-хонадондан чақирув бўлган. Тез тиббий ёрдам машинаси ўз вақтида етиб борган. Унда 3 ёшу 11 ойлик А.Х. уйда ёлғиз қолганлиги сабабли ўйнаб, деразадан чиқиб кетган, лекин уни аҳоли кўриб, пастда адёл тутиб ушлаб қолган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик бу хабари билан Ижтимоий тармоқларда 14 январь куни тарқалган видеони изоҳлади. Видеода Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида 5-қаватда ёш бола осилиб қолгани ва пастга тушиб кетгани акс этган

Вазирликка кўра, тез тиббий ёрдам гуруҳи воқеа жойига 7 дақиқа ичида етиб борган, биринчи ёрдам воқеа жойида кўрсатилган, бола зудлик билан шифохонага олиб борилган.

"Айни пайтда малакали шифокорлар томонидан унга сифатли даво чоралари қўлланиляпти. Оғир жароҳат олмаган. Бош мия чайқалиши деб бирламчи ташхис қўйилган. Аҳволи ҳозир барқарор" дейилган вазирлик хабарида.