Чет элда ота-онасиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалари Ички ишлар вазирлиги томонидан ватанига қайтарилади. Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 январидаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган.

Norma ахборот-ҳуқуқий порталининг маълум қилишича, мазкур меъёр Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болаларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бунда 3 ёшгача бўлган болалар Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда олиб келинади.

Болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари мавжуд бўлмаса, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари уларнинг фуқаролик мансублигини тасдиқлайдилар ва мамлакатига кириш (қайтиш) ҳуқуқини берадиган вақтинчалик ҳужжатни расмийлаштирадилар.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ота-онасиз қолган болалар ҳақидаги маълумотларни олганидан кейин зудлик билан ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментига юборади. Ўз навбатида, департамент бир иш куни давомида маълумотларни ИИВнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига (ҲПББ) юборади. ҲПББ 15 кун ичида болалар бўйича барча маълумотларни жамлаб, ИИВнинг масъул ходимларини, зарурат туғилганда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларини ҳам болаларни қайтариш учун улар турган мамлакатга юборади.

3 ёшдан ошган болалар Ўзбекистонга қайтарилганидан кейин Вояга етмаганларга яшаш жойи бўйича ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказига, 3 ёшгача бўлганлари эса болалар уйига жойлаштирилади.

Ўзбекистонда она-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслари бўлган болалар қайтарилганидан кейин уларга берилади.

Қарор шу йил 8 январидан қонуний кучга кирган.