Тошкентнинг Яккасаройида икки сарой барпо этилади

Тошкентда қурилажак эгизак бинолар лойиҳаси.

Тошкент шаҳридаги Яккасарой кичик саноат ҳудудида Day and Night (“Кун ва тун”) инвестицион лойиҳаси доирасида баландлиги 230 метр келадиган 50 қаватли эгизак бинолар қурилади. Бу ерда 16 та савдо, турар-жой ва маданият бинолари ҳам барпо этилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда 21 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шароф Раҳмонов билдирди, дея хабар қилади Газета.уз нашри.

Хабарларга кўра, лойиҳа қиймати 1 млрд долларга баҳоланган. Лойиҳани амалга ошириш учун 3 йил вақт керак бўлади.

Ш.Раҳмоновга кўра, корчалонлик марказининг йиллик даромади 500 миллион долларни ташкил қилади. У ерда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда.

Эгизак бинолардан бири Қуёшни, яна бири эса Ойни тамсил этади. Биноларда ташрифчилар учун ресторанлар ва дам олиш ҳудудлари жойлашган бўлади.