Ўзбекистонда 2020 йили соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.
2016 йилда бу мақсад учун 6 триллион сўм ажратилганди.
Вазирлик маълумотига кўра, бу йил дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилишга 1 491,8 млрд сўм (бу 2016 йилга нисбатан эса 6,5 баробарга кўп) ажратиш назарда тутилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағларнинг айрим фаолият турлари кесимида кўриниши қуйидагича:
а) шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар харажатлари учун 2020 йилда 102,8 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилаётган бўлса, 2016 йилда 16,3 миллиард сўм ажратилган;
б) соғлиқни сақлаш соҳасининг энг оғир нуқталаридан бири бўлган онкология муассасаларида даволанадиган ҳар бир беморнинг бир кунлик дори воситалари ва тиббий буюмлари билан таъминлаш харажатлари учун бюджет маблағлари 2016 йилдаги 3 250 сўмдан 2020 йилда 66 227 сўмгача оширилган;
в) аҳолига тез тиббий ёрдам хизмати учун ҳар бир чақирувга 2016 йилда ўртача 482 сўмдан ажратилган бўлса, 2020 йилда бундай харажат тури учун 6 700 сўмдан ажратилиши кўзда тутилмоқда.