Фарғона ИИБсининг сенатор бўлган бошлиғи ўрнига ИИВ Тергов бошқармаси раҳбари тайинланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари - ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Фарғона ИИВсининг аввалги бошлиғи¸ полковник Раҳмат Маматов эса президент Мирзиëев томонидан сенаторлик¸ айни пайтда¸ ИИВ республика Маҳалла кенгаши раиси этиб тайинланди.

Янги сайланган парламентда қилган чиқишида президент маҳаллий нашрларга кўра:

Яқинда Маҳалла кенгашининг раҳбарини ҳам алмаштирамиз. Маҳалланинг тизими ҳам бошқача бўлади, раҳбари ҳам бошқа бўлади. Биз маҳалланинг жамиятдаги ролини кучайтирмоқчимиз. Шу сабабли Маҳалла кенгашига ҳам ўзим ишонган одамни олиб келмоқчиман. Фарғона вилояти ИИБ бошлиғини бекорга чақирганим йўқ. У ҳали сизлардек сенатор бўлади, Маҳалла кенгашининг раиси бўлади тез орада”¸ деган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев бу тизимнинг матбуотга энг танилган мулозимларидан бири - кенг жамоатчиликни жунбушга солган шов-шувли воқеалар бўйича маълумотни матбуотга кўпинча Тошхўжаев билдириб келган.

Унинг республика даражасидаги лавозимдан вилоятга туширилиши сабаблари эълон қилинмади.