Ўзбекистонликларнинг Россияда 15 кунгача қайдсиз юриши масаласи кўриб чиқилмоқда

Иллюстратив сурат.

Москва ва Тошкент расмийлари ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмай юриши муддатини 15 кунгача узайтириш масаласини кўриб чиқаяптилар. Бу ҳақда Регнум агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

Айни пайтда ўзбекистонликлар Россияда 7 кунгача рўйхатдан ўтмай юришлари мумкин.

“Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларига Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг юриш муддатини узайтиришни кўзда тутадиган икки томонлама шартнома ишлаб чиқиш топширилган”, дейди агентлик манбаси.

Мазкур шартнома Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил ёзида Россияга ташрифи чоғида имзоланиши режаланган.

Маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекистондан Россияга 2,5 миллион нафаргача меҳнат муҳожири келади.