1995 йилгача Ўзбекистонга келиб муқим яшаëтган 50 минг одамга автоматик фуқаролик берилиши мумкин

Ўзбекистон президенти 24 январь куни парламентда қилган йиллик мурожаатида “фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш” зарурати ҳақида гапирди.

Мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман.

Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор.

Бу орқали 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолари ҳал этилади.

Вазирлар Маҳкамаси бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиб, жорий йил 1 майга қадар тегишли қонун лойиҳаларини тақдим этиши лозим”¸ деди ўз мурожаатида Шавкат Мирзиëев.

СССР тарқаганидан сўнг Ўзбекистонга кўчиб келган¸ хусусан¸ Тожикистондаги фуқаролик урушидан қочган ўн минглаб ўзбеклар Ўзбекистонда муқим яшаб келаëтганига қарамай улар ҳозирга қадар “фуқаролиги йўқ шахс” мақомида қолмоқда.