ТИВ: Туркиядаги зизилада нобуд бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ

Қутқарувчилар зилзиладан кейин вайроналар остида қолиб кетган аёлни олиб чиқмоқда, 25 январь, 2020 йил

Ташқи ишлар вазирилиги (ТИВ) Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркиянинг шарқидаги кучли зилзила оқибатида вафот этган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, вазият Анқара шаҳридаги элчихона ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхона назоратида.

24 январь куни Туркия шарқида 6,8 магнитудали зилзила рўй берди.

Шу кунга қадар нобуд бўлганлар сони 31 кишига етди, вайроналар остида қолиб кетганлар ҳисобига қурбонлар ортиши мумкинлигидан хавотирлар бор. Жароҳатланганлар сони эса 800дан ортиқ.

Зилзила эпимаркази Туркия шарқидаги Элазиғ ва Малатя вилоятларида бўлди. Ерости силкинишлари қўшни Сурия ва Ироқ, шунингдек, Ливанда ҳам сезилди.

Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган ватандошлардан зарур вазиятда Ўзбекистоннинг Aнқара шаҳридаги элчихонаси (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишни сўрамоқда.