Тошкент ҳайвонот боғи реконструкцияси лойиҳаси билан немис ширкати шуғулланади

Иллюстратив сурат.

Тошкент ҳайвонот боғини реконструкция қилиш лойиҳаси Германиянинг dan pearlman Group томонидан ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Газета.uz нашри хабар қилади.

Боғни реконструкция қилиш ҳукуматнинг 2019 йил декабрдаги қарорида кўзда тутилган. Ҳайвонот боғи давлат тасарруфидан чиқарилиб, масъулияти чекланган жамиятга айлантирилаяпти, унинг ишончли бошқаруви эса Wildlife Care компаниясига топширилмоқда.

Wildlife Care бош директори Абдумалик Сиддиқовга кўра, дастлабки босқичда немис мутахассислари ҳайвонот боғининг ҳозирги ҳолатини баҳолашлари керак. 27 январь куни улар ҳайвонларни сақлаш шароитлари, жониворлар экспозицияси ва ҳайвонот боғи инфратузилмаси билан танишган.

Бир ойдан сўнг dan pearlman Group ўз тавсияларини тақдим этади, шундан сўнг уч ойда якунланиши режалаштирилган реконструкция лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланади.

Германиянинг dan pearlman Group ширкати олдин Германия, Грузия, Италия, Буюк Британия, Дания, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ҳайвонот боғларини ривожлантириш режалари ва дизайнларини ишлаб чиққан.