Қорақалпоғистонлик тадбиркор ўзбек-қозоқ чегараси яқинидаги намозхонани сақлаб қолишни сўраяпти (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида жойлашган “Довуд ота” божхона пости яқинидаги кичик намозхонанинг ноқонуний қурилгани ва бузиб ташланиши тўғрисида суд қарори чиқди. Бинони барпо қилган тадбиркор унинг бузилмаслигини, давлат ҳисобига ўтказилишига ҳам рози эканини таъкидлаб, сайёҳлар, зиёратчилар ва ҳамюртларимиз учун асраб қолинишини сўрамоқда, дея хабар қилади kun.uz.

Намозхона қурилиши 2018 йили бошланиб, 2019 йилда тугатилган. Бироқ кейинчалик намозхона учун танланган жой Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тегишли экани маълум бўлган.

Намозхона қурилишидаги хатолик, яъни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳудудига ўтиб кетилгани маълум бўлгач, тадбиркор Давронбек Қўчқаров уни қонунийлаштириб, ҳужжатлаштириб олиш ҳаракатини қилган. Аммо Қўнғирот тумани ҳокимлигига бу ҳақда қилган мурожаатлари натижа бермаган. Пировардида иш судгача етиб борган.

2019 йил декабрида Қўнғирот туманлараро фуқаролик суди “Довуд ота” божхона пости яқинида жойлашган, қурилиш ости майдони 152,7 кв.м. бўлган иморатнинг ноқонуний қурилгани ва жавобгар Давронбек Қўчқаров томонидан бузиб ташланиши, бундан ташқари, уни 461,6 минг сўм жаримага тортилиши тўғрисида қарор чиқарган. Айни пайтда Давронбек Қўчқаров суднинг бу қарори устидан юқори инстанцияга апелляция тартибида шикоят берган.

Бино қурилишида қонунбузарлик ҳолати содир бўлганини рад этмаган қорақалпоғистонлик тадбиркор эндиликда намозхонанинг бузилмаслигини, сақлаб қолинишини сўрамоқда. У ҳатто намозхонани Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳисобига ёки “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфига ўтказилишига ҳам рози. Д. Қўчқаров бинодан фойдаланиш жараёнидаги келгуси харажатларни кўтаришга, унинг озодалиги ва саришталигини сақлаб туришни зиммасига олишга ҳам тайёр эканини таъкидлаган.