Тожикистон бу йил Ўзбекистондан 200 млн куб метр газ сотиб олмоқчи

Иллюстратив сурат.

Тожикистон 2020 йилда Ўзбекистондан 200 миллион куб метр газ сотиб олишни режаламоқда. Бу ҳақда, “Ховар” ахборот агентлигининг хабар қилишича, “Тожиктрансгаз” ОАЖ бош директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Шоимзода 28 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Тожикистонлик мулозим айни пайтда бу борада қўшни давлат билан музокаралар олиб борилаётгани ва бу масала ижобий ҳал этилишига умид борлигини билдирган.

Шоимзодага кўра, Тожикистон 2019 йилда Ўзбекистондан 17,7 миллион долларга 140 миллион куб метр табиий газ сотиб олган. Агар Тошкент билан музокаралар ижобий якун топса, Душанбе бу йил ўтган йилдагидан 42 фоизга кўп газ сотиб олишни кўзламоқда.

Ўзбекистон ҳар йили Тожикистонга экспорт қилинаётган газ ҳажмини ошириб бораяпти. 2018 йили ўзбек газчилари қўшни мамлакатга 54,6 миллион куб метр газ сотган бўлсалар, 2019 йилда бу миқдор 2,6 баробарга (140 млн куб метр ёки 257 фоизга) оширилган.

Тожикистонга ўзбек газини етказиб бериш 2018 йил баҳоридан тикланган. Унгача газ етказиб бериш 6 йил тўхтаб қолганди.

Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газдан асосан Тожикистондаги саноат корхоналари фойдаланади.