Мирзиёев рақобат муҳитини яратмаган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фаолиятини танқид қилди

Иллюстратив сурат.

Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда билдирди.

Мирзиёевга кўра, ўтган йили 4 та аэропортда “очиқ осмон” режими жорий этилиб, “бешинчи ҳаво эркинлиги” ўрнатилганига қарамай, ҳанузгача биронта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмаган. Бу ҳолат йўловчиларнинг асосли эътирозларига, бошқа хорижий авиакомпаниялар хизматидан фойдаланишига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, президент Жаҳон банкининг тавсиялари асосида фуқаро авиацияси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берган.

Йиғилишда Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш хабига айлантириш мақсадида “очиқ осмон” режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, янги авиакомпаниялар фаолияти учун шароит яратиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.