Молия вазири: Ўзбекистон Яшаш даражаси минимумини жорий этишга тайёр эмас

Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров.

Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимумини ҳисоблаб, эълон қилиш учун ҳеч қандай муаммо йўқлиги, 2020 йил давомида яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасига оид рақамлар эълон қилинишини ўтган шанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Бироқ вазирнинг айтишича, "Яшаш даражаси минимумини эълон қилиш, маълум бир юридик муаммоларни келтириб чиқаради".

"Буни очиқ айтишимиз керак. Яшаш минимумини ҳисоблаб чиқдик ҳам дейлик. 2018 йилда ҳисоблаганда 700 минг сўм атрофида эди. Фараз қилайлик, ҳозир 800 ёки 900 минг сўм деб олсак, Конституциямизда пенсия ва ижтимоий нафақалар яшаш минимумидан кам бўлиши мумкин эмас деб ёзиб қўйилган. Агар ҳозир шу рақамни эълон қиладиган бўлсак, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини оширишимизга тўғри келади. Бироқ айни пайтда биз буни ошириш имкониятига эга эмасмиз, бюджетимиз кўтара олмайди. ЯИМ кичкина ва ундан ташқари [молиявий манбалар] ҳеч қаердан пайдо бўлмайди. ЯИМдан ташқари фақат ташқи қарз бор", деган Жамшид Қўчқоров.