Ўзбек тилини ривожлантириш мақсадида Атамалар комиссияси ташкил этилди

Ўзбек тилига давлат тили мақомини беришга оид тарихий ҳужжат 1989 йил октябрида қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атамалар комиссияси ташкил этилди. Ҳукуматнинг 29 январь куни шундай қарор чиқаргани ҳақида Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot Telegram канали хабар қилди.

Расмий хабарда ëзилишича:

«Атамалар комиссияси илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритади, қонун ҳужжатлари лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига, шунингдек, юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя этилишини таъминлайди.

Қарор билан Атамалар комиссияси тўғрисидаги низом ҳамда Атамалар комиссияси таркиби тасдиқланди.

Низомга кўра, комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Комиссия фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан мувофиқлаштирилади”.

1989 йили ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига қарамай¸ тилнинг¸ айниқса¸ давлат бошқаруви тизимида тўлиғича муомалага киритилмай қолаëтгани¸ ўзбек тилининг ривожланишидаги қатор муаммоларнинг эътиборсиз қолаëтгани мутахассис ва кенг жамоатчилик танқидига учраб келмоқда.

2019 йил 22 октябрь куни президент Шавкат Мирзиëев “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон чиқариб¸ унда хусусан¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 9 мутахассисдан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этишни топширган эди.