Ҳукумат жорий йилда муҳожирларга ипотека асосида қарийб 3,5 мингта квартира ваъда қилмоқда

Иллюстратив сурат.

Уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат муҳожирларига имтиёзли ипотека кредити асосида квартиралар берилади. Бу тартиб 29 январь куни ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда акс этган.

Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, уй-жой берилиши бир неча босқични ўз ичига олади:

- ариза берувчи талабгор сифатида ёзма тавсияни олиш учун талабгорларни танлаш бўйича комиссия раисига доимий яшаш жойи бўйича ҳужжатларни ва сўровнома-аризани тақдим этади;

- комиссия ҳужжатларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади;

- комиссия аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини қатор ижтимоий мезонлар асосида (талабгор номида уй-жой йўқлиги, ижарада туриши, бошқа оила билан бир уйда яшаши, кўп болалилик ва б.) аниқлайди;

- аризани кўриб чиқиш ва уй-жой шароитини ўрганиш натижасида комиссия ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

- ёзма тавсия берилган талабгорлар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компанияси филиалига мурожаат қилади.

Уйга муҳтож муҳожирлар учун ипотека кредитлари 2020 йилда қуйидаги шартлар асосида ажратилади:

- имтиёзли давр – 1 йил;

- кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.

Ўзбекистонда 2020 йили уй-жойлар қурилиши бўйича давлат дастурлари ижроси доирасида меҳнат муҳожирларига кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратилиши кўзда тутилган.