Адлия вазири даромадларни декларациялаш тизими яратилаётганини билдирди

3 февраль куни Адлия вазири Руслан Давлетов журналистлар билан учрашувда даромадларни декларациялаш тизимини жорий қилиш лойиҳаси устида иш олиб бораётганини билдирди.

Давлетов лойиҳани назорат қилаётган юқори лавозимдаги расмийларга даромадларни декларациялашни айнан унинг ташкилотидан бошлашини таклиф қилганини айтди.

Бироқ вазирга кўра, даромадларни декларация қилиш тизими қачондан бошлаб жорий қилиниши ҳозирча номаълум.

“Даромадлар билан бирга харажатлар миқдори ҳам декларация қилиниши керак. Бир вақтда харажат ва даромадлар декларация қилиниши асосий фарқни кўрсатади. Шунинг учун даромадлар декларациясини жорий этишда асосий урғу харажатлар миқдорига қаратилиши керак”, деди Адлия вазири.

Ўзбекистонда декларация атрофидаги илк гап-сўзлар 2017 йилда пайдо бўлганди. Лойиҳада давлат хизматида лавозимни эгаллаган (“кичик мутахассис” тоифасидан ташқари) давлат хизматчилари ҳар йили мулки, даромадлари ва харажатлари, шунингдек, ўз оила аъзоларининг мулки, даромад ва харажатлари ҳақидаги декларацияни тақдим этишлари лозимлиги айтилганди.

2019 йил 27 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида ҳам декларация масаласига алоҳида урғу берилган. Декларацияни жорий этишда асосий ижрочи сифатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўрсатилган.

Кейинроқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Президентининг “Давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулкини, даромадлари ва харажатларини декларациялаш ва зарур техник инфратузилмани босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси рус тилида жойлаштирилди.

Ҳужжатда 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг, шунингдек уларнинг оила аъзоларининг (ота-оналари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинган оила аъзолари) мол-мулки, даромадлари ва харажатлари ҳар йиллик декларациялаш йўли билан назоратга олиниши режалаштирилгани айтилган. Бироқ февраль ойи бўлишига қарамай бу тизим ҳануз жорий этилмади.

31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев эндиликда амалдорлар харажатларининг улар топадиган даромадга мувофиқлиги қаттиқ назоратга олинишини билдирди.