Ис гази туфайли янгийўллик аёл ва унинг 2 яшар гўдаги нобуд бўлди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ис гази 22 ёшли аёл ва унинг 2 яшар фарзанди умрига нуқта қўйди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Хабарларга кўра, 2 февраль куни соат 04:15 ларда Янгийўлнинг “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи 1998 йилда туғилган Н.М. исмли аёл ва унинг 2018 йилда туғилган фарзанди яшаш уйининг ётоқхонасидаги газ печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Туман прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.