Қурилиши кутилаётган АЭСнинг атроф-муҳитга таъсирига доир жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади

Иллюстратив сурат

Халқаро меъёрлар ва МАГАТЭнинг талабларига мувофиқ яқин келажакда Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатлар ҳудудида, шу жумладан, Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон АЭС иншоотларини жойлаштириш ва улардан фойдаланишга доир фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича жамоат эшитувлари ўтказилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

5 февралда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов етакчилигидаги Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий ресурслар вазири М. Мирзагалиев бошчилигидаги Қозоғистон делегациялари учрашуви бўлиб ўтди.

"Қозоғистон томони қўшни давлат томонидан атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича қабул қилинаётган чораларни ижобий баҳолади ва бундан буён атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Учрашув натижаларига кўра ушбу йўналишда биргаликда иш олиб бориш бўйича келишувга эришилди" дейилган Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

“Росатом” бош директори Алексей Лихачев "Россия 1" телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда АЭС пойдеворини қуриш ишлари 2020-2021 йилларда бошланиши режалаштирилганини билдирган.

Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султоновга кўра, АЭС ҳар бири 1 200 МВт қувватга эга «3+» авлодидаги 1200-сув энергетик реакторли энергоблокдан иборат бўлади. Биринчи энергоблок 2028 йилгача, иккинчиси 2030 йилгача ишга туширилиши айтилган.

Ҳануз жамоатчиликка бу лойиҳанинг якуний нархи қанча бўлиши, бу маблағнинг қаердан олиниши, Россия билан АЭС қуриш келишувининг иқтисодий ва хавфсизлик шартлари қандай экани ҳақида тўлиқ маълумот берилмади.