Меҳнат вазирлиги: Ишсизлик даражаси ўтган йил якунларига кўра 9 фоизни ташкил этди

Бухоро кўчаларидаги фаррош (иллюстратив сурат).

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2019 йил якунларига кўра иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9 фоизни ташкил этди, бу кўрсаткич 2018 йилдагига нисбатан 0,3 фоизга пастдир. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.

Вазирлик тадқиқотига кўра, шу кунда Ўзбекистонда ишга муҳтож бўлган аҳоли сони 1 миллион 335 минг 300 кишини ташкил этади.

Қайд этилишича, 16-30 ёшли аҳоли ўртасида ишсизлик 15 фоиз, аёллар ўртасида 12,8 фоиз даражада.

Ўтган йили мамлакатда меҳнат ресурслари сони 19 миллиондан ошган. Ишлаётганлардан 5 миллион 712 минг нафари расмий секторда, 5 миллион 368 минг нафари эса (меҳнат муҳожирларини ҳисобга олмаган тақдирда) норасмий секторда фаолият юритмоқда.

Вазирлик тадқиқот натижасида 2 миллион 460 минг нафар ўзбекистонлик хорижга ишга кетгани ўрганилганини билдирган.