Қидирувда бўлганлардан 3393 киши бир йилда қўлга олинди

2019 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси (ЖҚББ) қидирувда бўлган шахслардан 3393 нафарини ушлади.

Бу ҳақда тилга олинган бошқарма берган маълумотларга таяниб kun.uz хабар қилди.

Айтилишича, ҳозирги кунда умумий ушланмасдан қолаётган қидирувдагилар салмоғи 2018 йилга нисбатан 1146 нафарга камайишига эришилган.

Ҳаммаси бўлиб неча киши қидирувда эканлиги хабарда айтилмаган.

Бошқарма маълумотларига қараганда, Ўзбекистон ҳудудини тарк этиб, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида яширинган қидирувдаги шахсларни қидириб топиш бўйича олиб борилган ишлар ҳамда ушбу давлатларнинг хуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида:

- Россия Федерациясида 424 нафар;

- Қозоғистон Республикасида 94 нафар;

- Қирғизистон Республикасида 22 нафар;

- Озарбайжон Республикасида 3 нафар;

- Беларусь Республикасида 4 нафар;

- Тожикистон Республикасида 3 нафар шахслар қўлга олинган.

Хабарда ушланганлардан 182 нафари экстрадиция қилиб олиб келинишига эришилгани, қолган шахсларни экстрадиция қилиш учун «Жиноий, фуқаролик ва оилавий масалалар юзасидан ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича Минск конвенцияси»га кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ҳужжатларни ўрганиш ва тайёрлаш ишлари давом этаётгани айтилган.