Тошкентда қурилаётган йирик масжидда ёнғин чиқди

8 февраль куни оқшом Олмазор туманидаги “Умид” маҳалласида қурилаётган “Сирож Солиҳ” жомеъ масжидида ёнғин чиқди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, қурилиши битмаган бинонинг ички ва шифт қисми 60 метр квадрат майдонга тенг қисми ёниб кетган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига (ИИББ) кўра, ҳодисада жабрланган ёки қурбонлар йўқ.

Кечки соат 18:39да чиққан ёнғинга "қурилиш объектида пайвандлаш ишлари олиб бориш жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик" сабаб бўлгани айтилди.

Олмазор туманининг “Умид” маҳалласи, Қорақамиш 2/3-даҳасида қурилаётган бинода чиққан ёнғин қарийб бир соат ичида ўчирилган.

ИИББ берган маълумотга кўра, натижада бинода иссиқликни сақлаш учун қўлланиладиган қурилиш материали (битум) ва кўтарилаётган гумбазнинг бир қисми ёниб кетган.

Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар бўлимига кўра, қурилаётган бино ўрнида бўлган эски масжид 1990 йилларда маҳаллий аҳоли маблағига қурилган.

1996 йилгача маҳаллий масжид бўлган, 1996 йилдан жоме масжид мақоми берилган. 2009 йилда масжид қайта таъмирланган.

2019 йил бошида масжиднинг янги биноси қурилиши бошланган ва бу галги қурилиш ҳам аҳолидан йиғиладиган маблағлар ҳисобига бўлиши айтилган. Масжид биноси учун илк ғиштни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов қўйиб берган.

2000 метр квадрат майдонда қурилаётган масжид жами 3500 намозхонга мўлжалланган.