Ҳукумат қўшимча қиймат солиғи тўлашни уч ойгача кечиктиришга рухсат берувчи қарор чиқарди

10 февраль куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси «Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқловчи қарор чиқарди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги тарқатган хабарда ëзилишича¸ қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда ҚҚС тўловчилар учун ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш жараёни автоматлаштирилади.

“Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятига эга бўлиш учун солиқ тўловчи давлат божхона хизмати органига ариза ва ҚҚС тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

Давлат божхона хизмати органи ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарорни 5 иш кунида қабул қилади”¸ дейилади вазирликнинг Huquqiy Axborot Telegram каналида берилган изоҳда.

Ўтган йил президент фармони билан ҚҚС тўловчиларга товарларни олиб кириш, шунингдек, ишлар (хизматлар)ни импорт қилишда ҚҚС бўйича имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга ҚҚС тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланиш белгилаб берилган.