Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда шу йил 1 сентябригача мамлакат ватандошлари бўлган меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Мазкур тадбирни амалга ошириш 2020 йил учун давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Янги қонунни ишлаб чиқишга Бандлик ва меҳнат вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ходимлари жалб этилади. Ҳужжатда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши кафолатлари белгилаб қўйилади ҳамда давлатнинг бу борадаги қўллаб-қувватлаш тизими баён этилади.

Ўтган йил августида Ўзбекистон президенти Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси тузишга оид фармон имзолаган. Ҳужжатда бу органнинг асосий вазифаси меҳнат миграциясига оид давлат органлари фаолиятини бошқариш, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатишдан иборатлиги қайд этилган.