UzAuto Motors ташқи бозорда Ravon брендидан воз кечмоқчи

Иллюстратив сурат.

UzAuto Motors жорий йилнинг март ойидан ташқи бозорда ўз автомобилларини Ravon бренди остида эмас, балки Chevrolet бренди остида тақдим этади. Ширкат маълумотига кўра, кейинги ойдан Россия, Қозоғистон ва Беларусда Chevrolet бренди остида тақдим этиладиган дастлабки моделлар Spark, Nexia ва Cobalt бўлади.

“Chevrolet брендидан ташқи бозорларда фойдаланиш ҳуқуқи ширкатга автомобилларнинг юқори сифати жаҳон автосаноати етакчиларидан бири – “General Motors” компанияси томонидан белгиланган стандартларга тўлиқ жавоб берганлиги учун берилди”, дейилади UzAuto Motors хабарномасида.

Ширкат вакиллари автомобилларни жаҳонга машҳур бренд остида тақдим этиш экспорт бозорларида сотиш самарадорлигини оширади, дея умид қилмоқдалар.

Россия ва МДҲ мамлакатларида Ravon бренди остида автомобиллар савдоси 2020 йил ўрталарига келиб тўхташи кутилмоқда.