Ўзбекистон Қозоғистонга энг кўп кийим-кечак экспорт қилаётган мамлакатлар учлигига кирди

Олмаота бозорларидан бири (иллюстратив сурат).

Ўзбекистон Қозоғистонга 2019 йили қиймати 19 миллион долларлик 10 минг тонна кийим-кечак экспорт қилган. Бу ҳақда LS нашри хабар қилади.

Қайд этилишича, ўтган йили Қозоғистон хориждан 670 миллион 600 минг долларлик (қарийб 62 минг тонна) енгил саноат маҳсулоти импорт қилган.

Бу маҳсулотларнинг қарийб ярми (31 тоннаси) Хитойдан келган. Бошқача айтганда, хитойликлар Қозоғистонга 181 миллион 800 минг долларлик кийим-кечак сотган.

Иккинчи ўрин бу мамлакатга 10,5 минг тонна кийим-кечак етказиб берган россияликларга насиб қилган. Ўз маҳсулотлари учун улар 195 миллион олганлар.

Учинчи ўриндаги Ўзбекистон Россия билан қарийб бир хил вазнда маҳсулот етказиб берганига қарамай, унинг бу савдодан даромади 10 баробар кам бўлган.

Қозоғистонга енгил саноат маҳсулотлари экспортёрлари орасида Туркия, Бангладеш, Беларусь ва бошқа мамлакатлар ҳам бор.