ЎТЙ: Метродаги тупроқ ўпирилишида ҳалок бўлганларга товон пули берилди

2019 йилнинг 18 декабрида Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган авария оқибатида ҳалок бўлган Зариф Каримов оиланинг асосий боқувчиси бўлгани сабабли 12 февраль куни иш берувчи ва «Темирйўлсуғурта» суғурта компанияси томонидан унинг беваси Майсара Мавлоновна Ирисовага 281 млн 671 минг сўм миқдоридаги тўловлар ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, марҳумнинг дафн маросими харажатлари учун 8 млн сўм ажратилган. Айни вақтда марҳумнинг қарамоғида бўлган беш нафар оила аъзосининг ҳар бирига 650 минг сўм миқдорида нафақа ҳар ой тўлаб борилиши бошланган.

Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Айтилишича, шунингдек, махсус комиссия қарори билан фожиа қурбони бўлган яна 5 марҳумнинг оилаларига ҳам бир марталик нафақа пуллари, шунингдек, меҳнатга лаёқатли бўлмаган оила аъзолари учун ойлик компенсация тўловларини белгилаган. Уларга тўловларни меҳнат шартномасини тузган фирма амалга оширади.

  • 2019 йилнинг 18 декабрида Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган авария оқибатида 6 қурувчи ҳалок бўлган эди.