Мирзиёев молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштирмоқчи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар зиммасига 2021 йил охирига қадар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш мажбуриятини юклади. Мазкур талаб Президентнинг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган.

Қарорда белгиланишича, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлаши лозим. Бунинг учун улардан 2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган камида уч ҳисобчига эга бўлиш талаб этилади.

МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб Молия вазирлиги белгиланган.

Қарорда молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилиши урғуланади.

Ҳужжатда МҲХСга ўтишни жадаллаштириш хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш учун муҳимлиги таъкидланган.