ИИББ: Тошкентда Суриядаги террорчи гуруҳларга қўшилишни режалаган 21 шахс фаолияти фош этилди

"Ислом давлати" гуруҳининг Суриядаги жангарилари.

"Жорий йилнинг 26 февраль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган халқаро террористик ташкилот ва экстремистик оқим ёлловчиларининг ғоявий таъсирига тушган бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди" деб хабар қилди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

ИИББ расмий баëнотида ëзилишича¸ бу шахслар «ноқонуний диний йиғилишлар ўтказиб, унда Суриядаги халқаро террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиб, уларни фаолиятини қўллаб-қувватлаб, ушбу ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштириб келган».

«Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2442-моддаси 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга рахбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ва вилоят ҳудудидаги 24 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилди.

Ушбу шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди ва тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда»¸ дейилади ИИББ хабарида.

Расмий хабарда фаолияти тўхтатилган «ноқонуний гуруҳ»нинг 21 аъзосига нисбатан қамоққа олиш эҳтиëт чораси қўлланган-қўлланмагани¸ уларнинг Суриядаги айнан қайси террорчи гуруҳга қўшилишни режалаганига оид маълумот йўқ.

Шу муносабат билан ИИББ ўзбекистонлик ëшларни «бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмаслик ҳамда жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик, сақламаслик ва тарқатмаслик»ка чақирган.

Ўзбекистон президенти 2019 йил 4 сентябрь куни имзолаган диний вазиятни соғломлаштиришга қаратилган махфий қарорда¸ мамлакатда диний сиëсатнинг юмшашини суиистеъмол қилиб¸ экстремистик ғояларни тарғиб қилувчиларнинг кўпайиб бораëтгани айтилган эди.

19 февралда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахт ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдор ва аъзолари - 21 киши қўлга олинганини хабар қилган эди.