Омбудсман қийноққа қарши кураш учун тергов идораларини бирлаштиришни таклиф қилди

Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев парламент депутатлари олдида чиқиш қилмоқда.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев тергов чоғида қийноқларнинг олдини олиш учун ягона тергов қўмитаси тузиш таклифи билан чиқди. Бу таклифни омбудсман, Газета.uz нашрининг ёзишича, 26 февраль куни парламент депутатлари олдида қилган чиқишида айтган.

У. Муҳаммадиевга кўра, парламент бу таклифни инобатга олишга мажбур эмас. “Бироқ мурожаатларнинг аксарияти терговга оид бўлиб, уларда қийноқ ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарлар кўп такрорланаяпти”, деган омбудсман.

Муҳаммадиевнинг билдиришича, баъзи ҳолатларда тергов хонасида мавжуд ёзув камералари ўчириб қўйилган ёки махсус хонадан ташқарида қийноқларни қўллаб, айбланувчи тергов қилинган. Омбудсманга кўра, бундай ҳолатлар назоратга олинмоқда ва прокуратурага йўлланмоқда.