Фарғона билан Олмаота ўртасида 4 мартдан автобус қатнай бошлайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Фарғона ва Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарлари ўртасида шу йил 4 мартидан мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада айтилишича, мазкур қатнов “Фарғона водийсидан қўшни Қозоғистон Республикасига борувчи йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида” йўлга қўйилмоқда.

Умумий масофаси 1202 километр бўлган йўлда автобуснинг ҳаракат вақти 22 соату 20 дақиқани ташкил этади.

Қатнов “Фарғона шаҳар атрофи” автошоҳбекатидан соат 11:00 бошланади. Чипталарни "Фарғона шаҳар атрофи" автошоҳбекати ва “Сайран” автовокзалларидан харид қилиш мумкинлиги айтилган, бироқ чипта нархи очиқланмаган.

Фарғона-Олмаота йўналишида йўловчиларга "Uzautotrans Service" ва "Тулпар-Байконир" корхоналари хизмат кўрсатади.