Палов индекси. Ўзбекистон бўйлаб февралдаги нархлар эълон қилинди

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, февралда палов Сурхондарё вилоятида энг арзон бўлган: 1 порцияси 11800 сўм, 1 килоси (7 порция) 82600 сўм. Энг қиммат ош Самарқанд вилоятида: 1 порцияси 16800 сўм, 1 килоси (7 порция) 116669 сўм.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати 10 январда “Палов индекси” маълумотларини шакллантирилиш жорий этилаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ҳар бир ҳудуд (мамлакат)нинг ўзига хос “хусусиятлари”ни инобатга олиб, Европанинг аксарият мамлакатларида “Big-Mak индекси”, Россия Федерациясида “Оливье индекси” маълумотлари шакллантирилади. Ўзбекистонда энг оммавий таом – “Палов индекси” маълумотларини шакллантириш бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатнинг барча ҳудудий марказларида жойлашган йирик умумий овқатланиш муассасалари (жумладан, “Ош марказлари”)даги 1 кг палов учун сарфланадиган масаллиқлар рўйхати, шунингдек, уларнинг нархлари (қиймати) тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб борилмоқда.