Амалдорларни ўзбек тилида иш юритиш ва нутқ маданиятига ўргатадиган Марказ тузилди

Ўзбек амалдорлари Шавкат Мирзиëев гапларига қарсак чалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда 4 март куни ЎзА миллий агентлиги хабар қилди.

Мазкур қарор билан ушбу университет ОТМда ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш ҳамда атамашунослик бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

Ҳужжатга кўра¸ университет ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтлари ҳузурида ҳудудий бўлинмаларига эга Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилади.

Бу марказ вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳолига ўзбек тилида иш юритишни ўргатади.

Бу марказларда ўзбек тилида ёзма ва нутқ маданиятини шакллантириш бўйича ташкил этиладиган бепул ўқув курслари харажатлари¸ айтилишича¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан Шавкат Мирзиëев 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чеккан эди.

Фармонга кўра¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилган ва давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш шу тузилмага топширилган эди.