Швед ширкати Ўзбекистон мактабларида инглиз тили ўқитиш сифатини оширишга кўмаклашади

Швециянинг EF Education First компанияси Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштиришга 60 млн доллар йўналтиришни режалаштирмоқда. Бунга оид англашув меморандуми, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, 5 март куни вазир Шерзод Шерматов ва EF Education First компанияси директори Карл-Йоханн Вестринг томонидан имзоланган.

Имзоланган ҳужжатга мувофиқ, томонлар Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганишни хоҳловчи ўқувчи ҳамда ўқитувчилар билимини баҳолаб, малака ва кўникмаларини ошириш бўйича тренинглар ташкил этишда ҳамкорлик қилади.

Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши учун турли қўшма дастурлар ишлаб чиқилади.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига мувофиқ, бугунги кунда Ўзбекистонда қарийб 5,38 миллион ўқувчи инглиз тилини хорижий тил сифатида ўрганиб келмоқда.

EF Education First компанияси инглиз тилини ўқитишга қаратилган турли ўқув дастур, методика ва педагогик ёндашувларни таклиф этувчи дунёдаги йирик ташкилотлардан биридир. 55 йилдан бери фаолият юритиб келаётган ширкатнинг жаҳон бўйлаб юздан зиёд мамлакатда филиали бор.