Вазирлик: Эрон-Туркманистон чегарасидаги ўзбекистонлик ҳайдовчилар иши назоратга олинди

Эронда қолган ўзбекистонликлар, 6 март, 2020

Ташқи ишлар вазирлиги Эрон-Туркманистон чегарасида қолаётган ўзбекистонлик ҳайдовчилар вазиятини назоратга олганини маълум қилди.

Коронавирус тарқалиши ортидан чегара ёпилиб, Эроннинг “Лутфобод” божхона постида қолиб кетган ўзбекистонлик 11 ҳайдовчи уйига қайтишда ёрдам сўраб, 6 март куни президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаган.

Ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотга кўра, 7 март куни Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси бу маълумотни тасдиқлаган:

"2020-йилнинг 7-март куни мамлакатимизнинг Теҳрон шаҳридаги элчихонаси CОВИД-19 коронавируси тарқалишини олдини олиш мақсадида Туркманистон ва Эрон ўртасидаги чегара ёпилиши сабабли 700 га яқин ҳайдовчи, жумладан 11 нафар Ўзбекистон фуқаролари “Лутфобод” ва “Сарахс” чегара назорат-ўтказиш пунктларида қолиб кетгани тўғрисида интернетда тарқалган маълумотни тасдиқлади".

Хабарда айтилишича, элчихонанинг консуллик бўлими 23 февралдан буён ҳайдовчилар билан доимий алоқада, аммо улар юк машиналарини чегарада қолдириб ватанга қайтишни рад этишмоқда.

"Ўзбекистоннинг Теҳрон ва Aшхобод шаҳарларидаги элчихоналари вазиятни назоратга олган ҳамда ушбу масалани ҳал қилиш учун Эрон ва Туркманистоннинг тегишли органлари билан доимий мулоқот олиб бормоқда", дейилади баёнотда.

Ҳайдовчиларнинг президентга видеомурожаати 6 март куни YouTube тармоғида тарқатилган эди.

Видеода давлатлараро юк ташиш билан шуғулланадиган бир гуруҳ ҳайдовчилар Эроннинг “Лутфобод” божхона постидаги терминалда 23 февралдан бери қолаётганликларини айтишган.

Ўшандан бери машиналаримизда яшаяпмиз. Биз тегишли идораларга мурожаат қилдик. Аммо ижобий натижа йўқ”, дейди видеода мурожаатни ўқиб эшиттирган ҳайдовчилардан бири.

Унга кўра, ҳайдовчиларнинг ҳаммаси соғ-саломат, уларда коронавирус аломатлари сезилмаган.

“Биз ҳаммамиз соппа-соғмиз. Касаллик тарқалган жой биздан минг километр узоқда. Конвой билан бўлса ҳам бу ердан олиб чиқиб кетишса розимиз. Ватанимизга етиб олсак бўлди”, дейди видеода ҳайдовчилардан яна бири.

Уларнинг айтишларича, Туркманистонга қарашли юк машиналари чегарадан тўсиқсиз ўтиб, юкларини юклаб яна ортга қайтишмоқда.