Мактабга борадиган болалар учун 1 йиллик мажбурий тайёрлаш тизими жорий этилади

Тайёрлов гуруҳларини боғчалар қошида ташкил этиш кўзда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими тўлиқ жорий этилади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали Ўзбекистон ҳукуматининг “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Қарорда Мактабгача таълим вазирлиги олдига мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантириш вазифаси қўйилган.

Тайёрлов гуруҳлари учун ўқув йили:

  • 2019/2020 ўқув йилида 2020 йил 10 мартидан бошланади ва 20 августида тугайди;
  • 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 2 сентябрдан бошланади ва кейинги йилнинг 25 майида тугайди.

Ҳужжатда қайд этилишича, боғчалар томонидан ҳамда улардан ташқари ташкил этиладиган тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари бошланғич таълимга тайёргарликдан ўтган деб ҳисобланади ва мажбурий бепул 1 йиллик тайёрловдан озод этилади.

Бунда ушбу муассасаларда тайёргарликдан ўтган болаларга бошланғич таълимга мажбурий 1 йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат берилади.

Қарорга кўра, 2024/2025 ўқув йилига келиб 6 ёшдаги болалар мактабгача таълим билан 100 фоиз қамраб олинади.

Қарор билан Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган.

Низомга мувофиқ, тайёрлов гуруҳлари боғчаларда (боғча мавжуд бўлмаган ёки етарли шароит бўлмаганда бошқа мос биноларда) ташкил этилади.

Гуруҳларда болаларнинг бўлиш вақти 3-4 соатни ташкил этади ва таълим-тарбия жараёни бир ёки икки сменада ташкил этилади.