Mercy Corps халқаро ташкилоти Ўзбекистонга қайтмоқда

Mercy Corps логоси.

Шу йилнинг 9 март куни Адлия вазирлиги қароргоҳи АҚШда жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти “Меҳрибонлик корпуси” (Mercy Corps)нинг Ўзбекистондаги филиалини рўйхатдан ўтказди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, филиал уставига мувофиқ, унинг асосий мақсадларидан бири қишлоқ ва шаҳарлардаги оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида хусусий, давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш ва янада мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим муассасаларининг ўқитиш, мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилаш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда таълим сифатини оширишдир.

Филиал келажак 5 йил ичида АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда таълим ва болалар овқатланиши учун озиқ-овқат маҳсулотлари” лойиҳасини амалга оширишни режаламоқда. Мазкур лойиҳа Қорқалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилашга мўлжалланган.

Филиалнинг фаолияти асосан қишлоқларда ва имконияти чекланган ҳудудлардаги 410 та мактабгача таълим муассасаларига йўналтирилган бўлиб, ушбу муассасаларда таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилади, шунингдек, улар сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади.

Лойиҳа ва уставда назарда тутилган фаолиятининг бошқа йўналишлари доирасида филиал мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълими ҳамда соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирган.

Mercy Corps Ўзбекистонда аввал ҳам қарийб 11 йил давомида (1995 йилдан 2006 йилгача) фаолият кўрсатган. 2005 йили ташкилот ваколатхонаси солиқ идораларидан 685 миллион сўм даромадни яширганликда айбланган. 2006 йили судда ютиб чиққанига қарамай, ташкилотнинг Ўзбекистондаги филиали ёпилган.