Ўзбекистон ҳукумати Эронга тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юбориш тўғрисида фармойиш қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Фармойишда мазкур қарор Эрон ҳукуматининг коронавирус касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур буюм ва воситалар билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаатини қўллаб-қувватлаш, ушбу инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида олингани айтилади.
Инсонпарварлик ёрдами бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя комбинезони, махсус тиббий форма, тиббий ниқоблар, тиббий дока, тиббий спирт, гигиеник гель ва “Rutan” таблеткаларидан иборат.
Мазкур юкни Эронга фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигидаги ўзбек делегацияси кузатиб бориши ва топшириши айтилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда шу кунда COVID-19 вируси юқтириб олганлар сони 10 минг нафардан ошган, коронавирусдан қурбон бўлганлар сони эса 429 кишига етган.
Аввалроқ Ўзбекистон COVID-19 вируси энг кўп тарқалган Хитойга икки марта инсонпарварлик ёрдами йўллаган эди.