Йирик нашриётлардан бир нечтаси хусусийлаштирилади

Ўзбек ноширларининг Германиядаги кўргазмада тақдим этган китоблари (2019 й).

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўқитувчи” матбаа уйи” давлат корхоналари хусусийлаштирилади. Бунга оид қарор Ўзбекистон президенти томонидан 16 март куни имзоланган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 июлидан ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилинади, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлик ҳақида ваколатли органни хабардор этиш тизими жорий этилади.

2020 йил 1 октябридан эса Ўзбекистонда дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархлар давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январидан босма маҳсулотларни сотишдан ҳамда босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумдан “Ижод” фондига ажратмалар бекор қилиниши кутилмоқда.

Қарорда “Ўзбекистон” нашриёти, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт ва “Ўқитувчи” нашриёти каби давлат корхоналари хусусийлаштириш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиб берилиши қайд этилган.

Айни пайтда “Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхонаси ҳам самарали фойдаланиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиб берилади.

Шу билан бирга, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи билан “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти қўшилиб, “Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи” давлат корхонаси ташкил этилади.