“Ўзтрансгаз” заправкаларга газ етказиш давом эттирилишини ваъда қилмоқда

“Ўзтрансгаз” АЖ Ўзбекистондаги автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчаларига (АГҚКШ) шартнома шартларига асосан табиий газ етказиб беришни давом эттиради. Бу ҳақда ширкат матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Компаниянинг бу баёнотига ижтимоий тармоқларда мамлакатдаги ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилиши ва автотранспорт воситаларига газ қуйиб олиш зарурлиги тўғрисида тарқалган турли хабарлар сабаб бўлган.

Айни пайтда “Ўзтрансгаз” Ўзбекистонда фаолият юритаётган АГҚКШлар тадбиркорларнинг мулки ҳисобланиши ва уларнинг иш фаолияти тадбиркорлар томонидан белгиланган ички қоидаларга асосан тартибга солинишини қайд этган.

Ширкат аҳолига ва тадбиркорларга қулайликларни ташкил этиш мақсадида 2020 йил 1 мартдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 февралдаги баённомасига мувофиқ равишда АГТКШлар учун табиий газ етказиб беришда чекловлар олиб ташланганини урғулайди.

Компания ўз хабарномасида Ўзбекистон қонунчилигида ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини ҳам эслатиб ўтган

Бу орада Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда ёқилғи нархлари оширилмаслигини таъкидлади.

"Ёқилғи таъминоти омборларида Тошкент шаҳри эҳтиёжининг уч ойлик миқдори ҳажмида заҳиралар мавжуд бўлиб, бензин ва дизель ёқилғиси нархлари оширилмайди", дейилади ҳокимлик хабарномасида.

Ҳокимлик карантин муддати давомида автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчаларининг узлуксиз ишлаши таъминланишини билдирган.